ФИТРАТ-МИЛЛАТИМИЗНИНГ ФАХР ТИМСОЛИ

ФИТРАТНИНГ КАМОЛОТГА ЕТИШИДА ОИЛАДАГИ БОЛА ТАРБИЯСИ
Фитрат сўзи араб тилидан келиб чиққан бўлиб, “туғма табиат”, “ақлу фаросатли”,” доно” деган маъноларга эга.Айнан ушбу маъною мазмунга эга сўзни ўзига тахаллус сифатида қўллаган Абдурауф Абдураҳимбой ўғлининг феъл атвори ва инсоний сифатларида ҳам юқоридаги каби хислатлар мужасссам бўлган.
Бухоролик савдогар Абдураҳимбой ва илму маърифатли Бибижон( тўлиқ номи Настарин)оиласида 1886 йилда туғилган Абдурауф вақт ўтиб Фитрат номи билан танилди .
Бухоролик ушбу маърифатли оилада Абдурауфнинг иккита укаси-Абдураҳмон ва синглиси Маҳбубахонлар ҳам бир-бирига меҳру оқибатли бўлиб вояга етишган.Одобу ахлоқ, хушмуомилалик, меҳнатсеварликни асос қилиб олган бу оила фарзандлари ўз даврининг мактабларида таҳсил олиб-Абдураҳмон Когон шаҳридаги босмахонада ишлаган бўлса, Маҳбубахон шоира сифатида Бухорода танилган.
Тарихдан маълумки, савдогарлар ўз касбий фаолияти орқали оиласи, шунингдек жамият, давлатнинг тўкин сочинлиги, иқтисодий тараққиёти учун хизмат қилибгина қолмаган.Савдогарлар ўзи мансуб бўлган миллат, давлатнинг маданиятини ўзи савдо қилиш учун борган бошқа ўлка халқларига ҳам тарқатган.Шу билан бирга бошқа давлатларда кўрган кечирганлари, ўлка халқларининг урф-одат, маданиятларининг ижобий жиҳатларини ўз ватанларида тарғиб ҳам қилганлар.Яъни, савдогар иқтисодчигина эмас, маънавият ва маърифат соҳиби, маданият тарғиботчиси ҳам бўлган.
Бундай хислатлар Фитратнинг савдогар отаси Абдураҳимбойда ҳам мужасссам бўлган.Абдураҳимбой Эрон, Россия, Кавказ ўлкаларида кўрган-кечирганлари, у ердаги халқларнинг урф одатию, маданиятини, ҳаттоки эшитган эртак афсоналарини ҳам ўз оиласи даврасида, фарзандларига ҳикоя қилиб берган.
Натижада Абдураҳимбойнинг ана шу таъсири сабаб, учала фарзанди ҳам маърифатли, илму заковатли шахс бўлиб вояга етишди.
Фитрат 28 ёшида-1914 йилда ёзган “Оила “номли дидактик-панд-насиҳатнома тарзидаги асарида, шарқ оиласидан келиб чиққан ҳолда инсоннинг тақдири, келажак ҳаётидаги ютуғи ва муваффақиятсизлиги, бахтли ёки бахтсизлиги, касб танлаши, ҳаттоки кайфияти унинг оилавий муҳити билан боғлиқлигини ғоятда тушунарли қилиб ёзган.
Табиийки, оила ҳақидаги бундай кенг қамровли билим, 28 ёшли йигит ҳаётида Фитратнинг ўзи туғилиб ўсган хонадонда, ота-онасининг таъсирида шаклланганди.
“Ақлий тарбия, яъни одам ақлини тарбиялаш бу одам зеҳни, ақл-идрокини камолга етказишдир. Одам ақлининг камоли нимада? Яхши билмоқ, яхши ўрганмоқ ва мукаммал фикр қилмоқдир. Одам иш қилишдан олдин уни хаёлига келтиради, ўйлайди, фикр этиб кейин амал қилади. Ана шу тафаккурни, зеҳн ҳаракатини “муҳокама” дейдилар.Одам ақлининг кучи ва заковати билан то муҳокама этиб қарор қилмаса, бир ишни бошлаб ёки бирор ишни тўхтата олмайди” дея ёзади Фитрат юқоридаги асарида.
Ана шу фикрлардан ҳам кўринадики, Фитрат вояга етган оилада ҳар бир қилинадиган иш ақлу заковат билан муҳокама қилиниб борилган ва бунда маърифатли савдогар отасининг ўрни катта бўлган.
“Фарзандни жисман, ақлан ва ахлоқан камолга етиштириб ҳаёт майдонига кучли, ақлли ва яхши ахлоқ билан чиқариш зарур.Шуни эътиборга олиб олимлар тарбияни уч қисмдан иборат деб биладилар. Булар: бадан тарбияси, ақлий тарбия ва ахлоқий тарбия. Улар бир-бирларига шундай боғлиқ ва яқинки, бирига зарар тегса, бошқаларида ҳам нуқсон пайдо бўлади.Бирига фойда тегса, бошқалари ҳам ундан баҳраманд бўладилар.Масалан, бировнинг бадани беморлик натижасида заиф бўлса, аксаран фикри ҳам заиф бўлади, ҳар ишда чуқур андишага бора олмайди, бирор чора қилмоқчи бўлса ҳам дарров кўнгли совийди.Ахлоқан ҳам ўзгариб ўз фазилатларини йўқотади, тез ранжийдиган, муросасиз ва айб қидирувчи бўлади. Фикри заиф бўлган одам ўз ишлари устида ўйламайди, зарар ва фойдасини андиша назаридан ўтказа олмайди” дея Фитрат оила даврасида болага ҳар томонлама етук тарбия бериш кераклигига эътиборни қаратади.
Фитратнинг назарида “ тарбиянинг ҳар бир қисми туғилишдан етти ёшгача аввал ота-она зиммасига тушади.Саккиз ёшдан йигирма ёшгача мактаб ва мадраса зиммасига, кейин умрининг охиригача одамнинг ўз бошига тушади”.
Табиийки, ота-онасининг шарқона тарбияси, ўзининг ақлу идроки билан 28 ёшида “Оила”номли ғоятда кенг қамровли асарни ёзган Фитратнинг шу каби юксакликларга парвоз қилишида уни вояга етказган хонадоннинг ўрни катта бўлган.

ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДАГИ ФАОЛ ҲАРАКАТЛАР
1913 йилда Фитрат ватанига қайтгач, Бухоронинг турли ҳудудларида-Шаҳрисабз ва Каркида ўқитувчилик қилиб,асарларида акс этдирган назарияларни ҳаётга жорий этиш, жадидчилик ғояларини кенг тарғиб қилиш билан шуғулланди. Шу боис тез орада “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг мафкурачиси ва ғоявий раҳбарларидан бирига айланди.Ўзининг салоҳияти, нотиқлиги билан Бухоро ва Самарқанддаги қизғин адабий жараён, маданий, маориф ишларига ва сиёсий ҳаракатларга фаол аралашиб кетди. Жадидчиларнинг бир гуруҳи маориф-маърифат орқали халқ аҳволини яхшилашга интилишса, иккинчи гуруҳи давлат тизимини ислоҳ этиш, қайта қуриш орқалигина халқ ва юрт аҳволини яхшилаш мумкин, деган сиёсий йўлдан юришга боришга интилди.
Умуман олганда Бухоролик жадидлар таълим, матбуот билангина чекланиб қолмасдан,қишлоқ хўжалигида солиқларни камайтириш,давлат амалдорларининг ўзбошимчалигини чеклаш, тузумни ислоҳ қилишни ҳаётий зарурат, давр талаби даражасига кўтардилар.
Бу даврда Фитрат томонидан яратилган публицистик мақолаларда ана шу ғоялар акс этган бўлиб, “Оила” (1914), “Раҳбари нажот”(1915), “Бегжон”(1916), “Мавлуди шариф”(1916), “Абу Муслим”(1916) асарларининг ҳам маъною мазмунини ташкил этган.
Ана шу даврда Фитрат яна мактаблар учун “Мухтасар ислом тарихи”(1915), “Ўқув”(1917) сингари дарслик ва ўқув қўлланмаларини ҳам яратди.
Маълумки, 1917 йил Петербургдаги феврал инқилоби таъсирида жадидларнинг “Ёш бухороликлар” ҳаракати партия сифатида шаклланди.Партия Марказий Қўмитасининг раҳбарлари Абдулвоҳид Бурҳонов, Фитрат ва Файзулла Хўжаев, Усмон Хўжалардан иборат эди. Партия бухороликлар турмуш тарзини яхшилаш,давлатни таназзулдан чиқариш учун Бухоро амирини ислоҳотларга даъват қилади.Дастлаб амир Саид Олимхон кўп хайрли ишлар қилишга ваъда бериб “солиқларни тартибга солиш, фойдали илм ва фанларни ривожлантириш бўйича “Фармоний Олий” ҳам эълон қилди. Аммо амир ислоҳотга бутунлай қарши турди.
Бу даврда Фитрат матбуот орқали ҳам ўз ғояларини тарғиб этишга интилди.Маълумки, Самарқандда 1917 йил апрелидан “Ҳуррият” газетаси чиқа бошлаган эди.Дастлаб унга Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, кейин 27–28-сонларидан Фитрат муҳаррирлик қила бошлади.
Бироқ жамиятда ислоҳотчилик ғояларини назариядан амалиётга айлантириш борасида ишлар жадаллашаётган 1917 йил 25 октябрда Россияда давлат тўнтариши рўй беради.Шу воқеа муносабати билан “Ҳуррият” газетасининг 49-сонида Фитратнинг “Русияда янги бало бош кўтарди – большевик балоси!” деган мақоласи чоп этилди. Яъни Фитрат большевикларнинг ҳокимиятга келиши фожиали бўлишини шу вақтдаёқ англаб етганди.
Натижада жадидлар 1917йилнинг 27 ноябрида Қўқон шаҳрида Туркистон мухториятини ташкил этиб, ўлкани мустамлакачилар зулмидан озод қилиш,бу борада миллий давлатчиликка асос солиш кераклигини амалиётга айлантириш ҳаракатини бошлашди.Мухторият тузилганда Фитрат Самарқандда эди. У мухториятнинг миллий давлатчилигимизда муҳим муҳим ўрин тутишини англаб,ўзининг “Ҳуррият” газетасида бу воқеани қувватлаб мақола эълон қилди: “Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик. Қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди. Оғзимиз қопланди. Еримиз босилди. Молимиз таланди, шарафимиз емрулди. Номусимиз ғасб қилинди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди. Тўзимли турдик. Сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруққа бўйсундик. Бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадук, ёшунтирдук, имонларимизга ўраб сақладук. Бу – Туркистон мухторияти.
Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтганда, ёруқсиз турмаларда ётганда, йиртқич жандарманинг тепкиси билан йиқилғонда, юртларимиз ёндурулғонда, диндошларимиз осулғонда онгимиз йўқолди. Миямиз бузулди. Кўзимиз ёғдусиз қолди. Бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда тушкун руҳимизни кўтармак учун, шул қоп-қора дунёнинг узоқ бир еридин ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!” (“Ҳуррият”, 1917 йил 5 декабр).
Афсуски Фитрат ва маслакдошлари кутган истиқбол-Туркистон мухториятининг келажаги 1918 йил февралида большевиклар томонидан йўққа чиқарилди-мухторият қуролли куч билан тугатиб юборилди.
Бу воқеаларнинг юз бериши, қолаверса Бухоро амири Саид Олимхон томонидан “Ёш бухороликлар” ҳаётига тажовуз ва таҳдид кучайиши сабаб, Фитрат она юртини ташлаб Тошкентга келишга мажбур бўлади.1919-20 йилларда Афғонистоннинг Тошкентдаги ваколатхонасида таржимонлик қилади. Хадрадаги мактабда Туркистон мусулмон дорилфунунида талабаларга сабоқ беради. «Чиғатой гурунги» маърифий-адабий уюшмасини, шунингдек, «Тонг» журналини ташкил этиб, ёш зиёлилар авлодини миллатпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эътибор қаратади. «Тонг» журналининг “мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!» деган шиори Фитратнинг шу йилларда олиб борган фаолиятининг мақсад-моҳиятини тўла ифодалайди.
Айнан Фитрат томонидан ташкил этилган “Чиғатой гурунги” адабий-маданий уюшма сифатида ўз сафларига Қаюм Рамазон, Шорасул Зуннун, Шокиржон Раҳимий, Ғулом Зафарий, Мирмуҳсин Шермуҳаммедов, Ғози Юнус, Чўлпон, Боту, Санжар Сиддиқ, Маннон Рамзий, Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни қамраб олганди.
Бу даврда Фитрат Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазонлар билан ҳамммуаллифликда “ Она тили” дарслигини (1918) ва ўзининг “Битим йўли”(1919) дея номланган ўқув қўлланмасини нашр этиб, мактабларга туҳфа қилди. Шунингдек Тошкентдалик даврида “Ўғузхон”, “Чин севиш”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Темур сағанаси” каби асарларини яратди
ФАНГА БАХШИЙДА УМР
Фитрат 1923 йилда Россияга бориб, дастлаб Москвадаги шарқшунослик илмий-тадқиқот институтида илмий ходим ,кейинчалик эса Санкт-Петербург давлат университетининг шарқ факультетида шарқ халқлари тили, адабиёти, маданиятидан талабаларга сабоқ беради.Айнан Санкт-Петербург давлат Университетидаги илмий-педагоглик фаолияти даврида унга профессор илмий унвони берилади.
Фитратнинг 1923-26 йилларда Россиянинг Москва, Санкт-Петербургда кечган илмий педагоглик фаолияти ҳам сермаҳсул бўлди.Бу йиллар ичида у “Бедил”(1923) каби илмий очерк,”Ўзбек тили қоидалари”тўғрисида бир тажриба:Сарф(1-китоб), “Наҳв”(2-китоб), “Сарфи забони тожик”(1925), “Адабиёт қоидалари”(1926) сингари дарслик ва ўқув қўлланмаларини,, “Абулфайзхон” (1924), “Шайтоннинг тангрига исёни”(1924), “Арслон”(1926) номли драмаларини ёзади.
Фитрат 1926 йилнинг охирларида ватанига қайтиб келади ва ижтимоий ҳаётдан ўзини четга тортиб, бошлаб қўйган илмий, ижодий ишлари билан машғул бўлади.Фақат 1927йилда Ўзбекистон Компартиясининг масъул котиби Акмал Икромовнинг таклифи билан Самарқанддаги Олий педагогика институти ҳамда Тошкентдаги Тил ва адабиёт институтида илмий фаолият олиб борди. Бироқ Фитратдек сермаҳсул,серқирра олим ва ижодкорнинг бу фаолияти кўп давом қилмади.
Афсуски совет давлати томонидан жамиятдаги миллий кайфиятдаги зиёлилар, ўтмишдаги жадидчилик фаолияти билан шуғулланган кўплаб миллат фидойилари 1937йилдаги қатағон сиёсати даврида “халқ душмани” сифатида бадном қилинди ва қамоққа олинди.
Фитрат 1937 йилнинг 24 апрелида қамоққа олинди ва у турмадаги бир ярим йиллик азобу уқубатлардан сўнг-1938йилнинг 4 октябрида Тошкентда –Чўлпон, Қодирий каби сафдошлари қаторида отиб ташланади.

ФИТРАТНИНГ СЕРМАҲСУЛ ИЖОДИЙ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ
 Абдурауф Фитратдек сермаҳсул ва серқирра аллома фаолиятини шартли равишда 3 даврга бўлиш мумкин. Агар Фитрат 1909—16 йилларни ташкил этган биринчи даврда жадид маърифатпарвари сифатида ижодий фаолият кўрсатган  бўлса, 1917 йил февраль инқилобидан кейин Россияга ишлашга кетган 1923 йилгача  бўлган иккинчи даврда ҳуррият ғоялари билан тўйинган асарлар ёзади.
  Совет  ҳукуматининг доимий назорати остида яшаган Фитрат ижоди ва илмий фаолиятининг  учинчи даври (1923—37йиллар)да асосан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланди.
  Дастлаб Фитратнинг назмий ижодига тўхталсак.Маълумки, Фитрат туғилган Бухорои Шариф инсонлари азалдан форс-тожик ва ўзбек тилларини мукаммал билишади.Шунга кўра, Фитратдек иқтидорли  ижодкор ҳам зуллисонайн бўлиб, адабий фаолиятининг дастлабки даврида асосан форс тилида ижод қилган (Масалан «Сайҳа»асари). Фитратнинг бизга етиб келган ўзбек тилидаги шеърлари 1917 йил ва ундан кейинги даврга оид.
  Маълумки, февраль инқилобидан кейин Туркистон халкларининг мустақилликка эришишлари учун бирдан-бир тарихий имконият туғилган давр бўлган. Фитрат шу даврдаги ижодида яққол акс этиб турган ғоя- халқни мустамлакачилик кишанларини парчалаб, истиклол учун курашга даъват этиш кўзланган эди.Бироқ асрлар давомида анъана бўлиб келаётган аруз вазни,Фитрат назарида,миллий уйғониш ғоясини ифодалаш, халқни оёққа қалқтириш ва сафарбар этишдек  кучга эга эмасдек туюлган. Ана шу боисдан ҳам  Фитрат турк ва татар шеъриятларида шаклланган, ўзбек халқ оғзаки шеъриятида айрим унсурлари бўлган сочмани миллий адабиётимизга олиб кирди. Айниқса «Юрт қайғуси» деб номланган  шеъри ва 4 та сочма назм ёзиб, уларда ҳуррият учун кураш ғоясини тарғиб қилди.Фитратнинг мазкур сочмаларида Туркистонни хўрланган ва хорланган Она образида тасвирлаб, бу жабрдийда Онани зулм асоратидан халос этиш учун Амир Темур сингари жаҳонгирларга мурожаат қилади ҳамда халқни эрк ва ҳуррият учун кураш майдонига даъват қилади.
  Бу  даврда яна «Миррих юлдузига», «Шарқ», «Шоир» сингари шеърларини яратиб, уларда Туркистонни энди «қизил» мустамлакага айлантира бошлаган большевикларга ва улар барпо қилаётган тузумга нафрат туйғусини ифодалайди. Фитрат бармоқ вазнида ёзилган шу шеърлари билан халқ оғзаки шеъриятининг мулки бўлган бармоқни ислоҳ этиб, Чўлпон билан бирга уни ёзма адабиётга олиб киради ва унга янги ҳаёт бағишлади.Шунингдек «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) шеърий мажмуасининг тузувчиси ва асосий муаллифи ҳам айнан Фитрат эди. Афсуски, Фитрат бу шеърларидан кейин шеърият соҳасида қарийб ижод қилмади.
  Насрий ижоди.ХХасрнинг 10-йилларида саҳна асари сифатида намойиш этилган «Мунозара» Фитратнинг насрдаги илк асари дейиш мумкин. «Мунозара» ҳам, «Сайёҳи ҳинди» ҳам Фитрат кўнглидаги миллий ватанпарварликга йўғрилган публицистикасининг ёрқин намуналаридан. Фитрат кейинги ижодида ҳам ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ҳамда эстетик қарашларини ифодалашда публицистикадан самарали фойдаланди. Фақат 1920-йилларнинг ўрталарига келибгина у «соф» насрий асарларни ярата бошлади дейиш мумкин (Масалан: «Қиёмат», «Меърож», «Оқ мозор», «Зайд ва Зайнаб», «Заҳронинг имони» ва шу кабилар). «Мунозара» ва «Сайёҳи ҳинди» асарларида кўтарилган таназзул, мутассиблик мавзуси 1920-йиллар учун ҳам долзарб аҳамиятга эга эди.
   Фитратнинг ушбу  ҳикояларида диний сюжетлардан жаҳолат таъсирига қарши курашда фойдаланди.Ушбу асарлар, айниқса, 1930 йилда қайта ишланган «Қиёмат» хаёлий ҳикояси ҳозирги ўзбек адабиётида фантастиканинг туғилиши ва шаклланишида миллий манба бўлиб хизмат қилди дейишга асос бўлаолади.
  Драматургия- серқирра ижодкор фаолиятининг бир тури бўлиб, Фитрат 1916 йилдан бошлаб театр учун кўплаб драматик асарлар яратди. Аммо унинг нафақат 1916—18 йилларда ёзган «Бегжон», «Қон», «Абу Муслим», «Темур сағанаси», «Ўғизхон» сингари драмалари, ҳаттоки1930-йилларда ёзган «Тўлқин» опера либреттоси (1934) ҳам бизга етиб келмаган. Маълумки, Фитратнинг 5 пардали «Бегжон» драмасида деҳқонларнинг хон зулмига қарши кўтарган исёнлари тасвир этилган, «Темур сағанаси» пьесасида эса муаллифнинг «Юрт қайғуси (Темур олдинда)» сочмасидаги истиқлол учун кураш ғояси ўзининг бадиий ифодасини топган.

Фитратнинг бу даврда ёзган бошқа саҳна асарларида ҳам тарихий ўтмишга мурожаат этилганига қарамай, большевикларнинг Туркистонда олиб борган ғайримиллий сиёсатига фаол муносабат билдирилиб, зулм ва зўравонликка асосланган «янги тузум»нинг кирдикорлари кескин қораланган. Фитрат драматургиясининг шу даврдаги етакчи мотиви- большевизмга қарши истиқлол учун кураш ғояси «Чин севиш» (1920) ва «Ҳинд ихтилолчилари» (1923) пьесаларида аниқ кўрсатиб берилган. Драматург Туркистонда Совет ҳокимияти йилларида содир бўлаётган фожиали воқеаларни Англиянинг мустамлакаси бўлган Ҳиндистонга кўчириб, инглиз мустамлакачиларига қарши курашаётган ҳинд ихтилолчи (истиқлолчи)лари сиймосида, маълум маънода, ўз ватандошлари образини яратди. Ж. Нерунинг эътироф этишига кўра, Фитратнинг бу асарлари ҳинд халқининг мустамлакачиликка қарши олиб борган курашига куч ва мадад берган.
Фитрат Россиядалик йилларида «Абулфайзхон» ва «Шайтоннинг тангрига исёни» (1924), ватанига қайтганидан кейин эса «Арслон» (1926), «Шўриши Восе» («Восе қўзғолони», 1927), «Тўлқин» драмаларини ёзди. Бу асарлар орасида «Абулфайзхон» ўзининг шекспирона драматизми билан алоҳида ажралиб туради. Ушбу пьеса асосида аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон салтанатининг таназзули (18-аср) натижасида Бухорода манғит амирларининг ҳокимият тепасига келишлари билан боғлиқ тарихий воқеалар тасвирланади. Фитратнинг олис тарихий даврга назар ташлашдан мақсади «Подшолик қон билан суғорилган бир оғочдир, Қон оқиб турмаган ерда бу дарахтнинг қуриб қолиши аниқдир» деган «фалсафа» билан яшаган ва ўзи ҳам шу ғайриинсоний «фалсафа»нинг қурбони бўлган Абулфайзхон сингари қонхўр подшоларни тарих қаъридан олиб чиқиб, халққа кўрсатишдан иборат эди. Фитратнинг ушбу асарида большевиклар тузуми 20-асрнинг Абулфайзхони-Сталинни яратиши ва унинг бепоён мамлакатни қонга ботиришини башорат этди.Агар шундан келиб чиқадиган бўлсак, мазкур трагедия Фитрат заковати билан яратилган халқни огоҳлантирувчи асардир.
«Абулфайзхон» трагедиясининг бадиий қиммати шундаки, Фитрат асарда шекспирона оҳангдаги образларни яратди ҳамда зулмга асосланган салтанат тожининг отадан болага ўтиши натижасида пайдо бўлувчи қонли оқибатларни ҳаққоний тасвирлайди.Драматург ушбу асари билан ўзбек адабиётида трагедия жанрига асос солиб, мазкур жанрнинг асосий тамойилларини белгилаб беради.
Фитрат ижодий илмий фаолиятидаги яна бир хусусият-алломанинг ижтимоий ҳуқуқий, диний ва маърифий асарларидир. Серқирра фаолият соҳиби сифатида Фитрат илм-фан ва маърифатнинг турли соҳаларида ҳам ёрқин из қолдирди. Маърифатпарвар сиймо 1914-16 йиллардаёқ «Раҳбари нажот» («Нажот йўли»), «Оила» ва «Мавлуди шариф ёки Муръоти хайр ул-башар», 1917-20 йилларда «Ўқу» («Ўқув»), «Шарқ сиёсати» ва «Йиғла, Ислом», 1925 йилда бўлса «Мухтасар ислом тарихи» сингари асарларини эълон қилади. Фитратнинг мазкур асарларида, бир томондан, шу йилларда содир бўлган ижтимоий-сиёсий масалаларга муносабати акс этган бўлса, иккинчи томондан, мусулмон олами учун ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ёки муайян тарихий даврда сақланиб қоладиган маънавий ва маърифий қадриятларни тушунтириб берди.
Фитрат ушбу асарларида миллатнинг нафакат ижтимоий-сиёсий, шунингдек диний-маърифий масалаларда ҳам етарли даражада билимга эга бўлмаганини эътиборга олиб, ҳар бир мусулмоннинг билиши лозим бўлган бир қатор масалаларга эътиборни қаратади. Форс тилида ёзилган «Раҳбари нажот» рисоласида ҳаёт, яшашдан мақсад нима деган саволларга жавоб изланади.Шунингдек, лисоний, фалсафий, дунёвий илмлар тўғрисида аниқ тасаввур беради; авлод, бадан, фикр, ахлоқ тарбиясига оид фалсафий-этик қарашларини олға суради.
Фитратнинг «Оила» рисоласида эса оиланинг жамият ва инсон ҳаётидаги ролини оширишга, оила аъзоларининг ҳуқуқий меъёрларини белгилашга қаратилган фикр ва мулоҳазалари янада ривожлантирилди.
Фитратнинг мактаб ўқувчиларига мўлжалланган «Ўқу» («Ўқув» 1917 йил, Боку) қўлланмаси ватан, дунё, табиат, тиббиёт ва гигиена сингари масалалар, шунингдек, ўтмишда яшаган алломалар ҳақида тасаввур беради (афсуски, номаълум сабабларга кўра, ушбу қўлланманинг 2-қисми ёзилмаган).
Шу билан бирга Фитрат сиёсий фаолият билан шуғулланган инсон сифатида ҳуқуқий давлат қуриш ва унинг ривожини таъминлаш мақсадида 1918 йилда “Ёш бухороликлар” партиясининг 13 бобдан иборат дастурини ҳам ёзиб беради.Ушбу дастурда олимнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари ўзининг чуқур ифодасини топган.
Фитрат етук филолог ҳам бўлиб, тилшунослик ва адабиётшуносликка оид кўплаб асарлар ҳам яратганди. Аввало Фитрат ўзбек тилининг грамматикасини ўрганиш ишини бошлаб берган ва шу соҳа ривожига катта ҳисса қўшган олимдир. У 1918 йилда Қаюм Рамазон ва Шокиржон Раҳимий билан ҳаммуаллифликда «Она тили» дарслигини яратди. 1921 йилда Тошкентда бўлиб ўтган тил ва имло қурултойида Фитрат ўзбек тилининг софлигини таъминлаш ва ривожлантиришга қаратилган бир қанча таклифларни ўртага ташлайди. У 1920-йилларда ўзбек тили табиатини ўрганишда давом этиб, «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф» (1925), «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Наҳв» (1926) дарсликларини яратди ва бу дарсликлар 1930 йилга қадар бир неча марта нашр этилади. Фитрат ўзбек тили морфологияси ва синтаксисига бағишланган ушбу асарлари билан ўзбек тили грамматикасини илмий асосда ўрганиш ишига тамал тошини қўяди.
Фитратнинг тилшунослик соҳасидаги хизматларидан бири шундаки, унинг 1920-йилларда қадимий туркий тил, жонли халқ тили ва шеваларга таянган ҳолда, илмий-маданий муомалага кириб келаётган янги тушунча ҳамда ҳодисаларни ифодалаш учун ўзбек тилининг луғат фондига янги сўзлар ва атамаларни кўплаб олиб кирганлигидадир.
Профессор Абдурауф Фитрат «Энг эски турк адабиёти намуналари» (1927), «Ўзбек адабиёти намуналари» (1-жилд, 1928)номли тазкираларни ҳам тузиб, миллий адабий меросимизнинг энг қадимий давридан сўнгги даврларга қадар яратилган намуналарини тўплаб, муайян тизимга солади («Намуналар»нинг 2-жилди эълон қилинмай қолган), «Қутадғу билиг» сингари ўзбек ёзма адабиётининг халқ қўлида сақланиб келинаётган ноёб ёдгорликларини қўлга киритиш, ўрганиш ва чоп этишга ҳаракат қилди.
Ўзбек адабиётининг йирик намояндалари ижодини илк бор ўрганиб, «Бедил» (Бир мажлисда)» (1923), «Навоийнинг форсий шоирлиги ва унинг форсий девони тўғрисида», «Қутадғу билиг» (1925), «Аҳмад Яссавий» (1927), «Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар», «Ҳиббат ул-ҳақойиқ», «Ўзбек шоири Турди» (1928), «XVI асрдан сўнгра ўзбек адабиётига умумий бир қараш», «Форс шоири Умар Хайём» (1929), «Машраб», «Фарҳоду Ширин» достони тўғрисида» (1930) каби катта илмий салоҳиятга эга бўлган рисола ва мақолалар яратди. Фитрат ушбу тадқиқотлари билан ўзбек адабиётшунослик фанига пойдевор қўйди.
«Шеър ва шоирлик» (1919), «Адабиёт қоидалари» (1926), «Санъатнинг маншаи» (1927), «Аруз ҳақида» (1936) сингари мақола ва рисолалари билан эса адабиёт назарияси фанига асос солди.
Шунингдек, Фитрат тарихшунослик ва шарқшунослик соҳаларига оид форс тилида мақола ва рисолалар ҳам ёзди («Амир Олимхоннинг кечмиши», 1930). 1921 йил Пўлат Солиев ва Б. С. Сергеев билан биргаликда амирга қарашли нодир қўлёзмалар, вақф ҳужжатларини йиғиш, уларга тартиб ва тавсиф беришда иштирок этди. Б. С. Сергеев билан биргаликда В. Л. Вяткин архивида сақланган қозиларга оид ҳужжатларни ўрганиб, рус тилида «Казийские документы XVI века» (1937) китобини нашр этди.
Фитрат шунингдек санъатшуносликка оид асарлар яратган олим ҳам бўлган. Фитрат томонидан 1921 йил Бухорода Шарқ мусиқа мактаби ташкил этилган ҳамда ушбу мактабнинг биринчи директори ҳам алломанинг ўзи бўлган. Бухородаги ушбу мактабга мумтоз мусиқа билимдонлари (созанда ва хонандалар) билан бирга В. А. Успенский сингари мусиқашуносларни ҳам таклиф этиш ғояси ташаббускори айнан Фитрат эди. Ана шу вақтдан бошлаб «Шашмақом» куйларини тўплаш ва нотага ёзиб олиш ишларига раҳбарлик ҳам Фитратнинг фидойилигидандир.Ижодкорнинг ташаббуси билан Ота Жалол ва Ота Ғиёс каби мусиқачилардан Бухоро Шашмақоми В. Успенский томонидан илк бор нотага олиниб нашр этилди (“Шесть музыкальных поэм” (маком), Бухара М., 1924).
Шунингдек Фитрат санъатшунос сифатида «Шашмақом», «Ўзбек мусиқаси тўғрисида» мақолалари ва «Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи» (1927) рисоласи билан ХХ-аср ўзбек мусиқашунослик фанини ҳам бошлаб беради.

ФИТРАТНИНГ ҚАМОҚДАГИ ХОТИНИ
Фитратнинг Фотима билан ажрашганидан сўнг иккинчи бор Ҳикматой исмли аёл билан турмуш қуради. Афсуски Ҳикматой ҳам 1937-38йиллардаги қатағон даврда “халқ душмани”нинг хотини сифатида қамалади.
Тарихий ҳужжатларга кўра, Фитрат 1937 йил 24 апрел куни ҳибсга олинган. Орадан беш ой ўтиб, 22 сентябр куни Ҳикматой Фитратовани ҳам ҳибсга олишади. Ваҳоланки, улар 1936 йилнинг 29 сентябрида расман ажрашган эдилар. Бироқ шўро ҳукумати учун қачонлардир “ халқ душмани”нинг хотини бўлган аёлни ҳам қамоққа олиш зарур эди. Чунки, у ўз эри ҳақида, таниш-билишлари тўғрисида кўп маълумотларни билиши мумкин деб қаралган.
Ҳикматойнинг қизлик фамилияси Қандова бўлиб, 1912 йили Бухорода савдогар оиласида туғилганди.Биринчи эри Нуруллохўжа ҳам бадавлат савдогарлардан эди. Ҳикматой 1932 йили Абдурауф Фитрат билан турмуш қурган ва Тошкентдаги Чакар мавзесида 1936 йилгача бирга яшаган.Ўша йили 29 сентябрда эса бизга номаълум бўлган сабабларга кўра ажрашишган. Бу ҳақдаги ФҲДЁ қайди Фитратнинг паспортига ҳам ёзилган эди. Хуллас, Фитрат билан уч йил бирга яшагани учун Ҳикматой қамоқхонада азоб-уқубат тортишга, терговчиларнинг саволига жавоб беришга мажбур бўлди.
Ҳикматой ҳибсга олинганида, унга тегишли олтмиш саккизта уй буюми, 187 номдан иборат жиҳоз ва буюм, тилла зирак, узуклар ҳам мусодара қилинди. Гарчи Фитрат ва Ҳикматой 1936 йилда ажрашишган ва бу ҳақдаги ФҲДЁнинг расмий қайди адиб паспортида кўрсатилган бўлса-да, улар Фитрат қамалган вақт, яъни 1937 йил апрелигача бирга, бир уйда яшаб келишган.Хўш, нега?
Ҳикматой Фитратнинг 1937 йил 15 октябрда терговчи саволларига берган жавобига кўра, профессор Фитратнинг энг яқин дўсти Файзулла Хўжаев, Мўминжон Аминовлар, улар ажрашишмоқчи бўлганларида орага тушишган.Иккала дўст акасининг уйида яшаётган Ҳикматойни Фитрат билан яраштиришган ва улар яна бирга яшай бошлашган.
Ҳикматой қамоқда ўтириб, терговчининг саволларига жавоб бераркан, Фитратнинг аксилинқилобий фаолияти тўғрисида бирорта ҳам фактни айтмаган. Тўғриси, у уйларига келадиган Чўлпон, Файзулла Хўжаевлар, Олим Юнусов, Мўминжон Аминовларни шунчаки дўстлар зиёрати, деб тушунганини билдирди.
Хуллас, Ҳикматой 1937 йил 22 сентябрда ҳибсга олинганидан 1938 йилнинг 30 декабригача у қамоқ азобини тортади. 1939 йил киришига бир кун қолганида Ҳикматой Тошкентдан четга чиқмаслик шарти билан қамоқдан озод этилди. Бу пайтда қайнонаси, яъни Фитратнинг онаси Ўзбекистондан ташқаридаги ижтимоий таъминот тизими уйларидан бирига бадарға қилинган эди. Қизлари Севара эса болалар уйига жўнатилганди.
Ҳикматой қайтиб келгач, Севарани олиб, Гулистон кўчасидаги уйига боради. Аммо хонадон аллақачон кимгадир сотиб юборилган экан.Шу боис улар уй-жойсиз дарбадар ҳаёт кечира бошлашди. Фитрат эса 1938 йилнинг октябрида отиб ташланган эди. Хотини ва қизи унинг тақдиридан бехабар, ижарама-ижара зўрға кун кўра бошлашди…
Орадан йиллар ўтди. Сталиннинг ўлимидан сўнг, яъни 1956 йилда Ҳикматой опа эрининг тақдирига ойдинлик киритиш ниятида олий судга мурожаат қилди. Олий суд ҳарбий коллегияси, раиснинг ўринбосари, адлия полковниги В. Борисоглебский Фитрат хусусида икки нусхада маълумот тайёрлаб, бирини Ўзбекистон ИИВ бошқармасига, иккинчисини 1 махсус бўлим бошлиғига юборди. Бироқ эрининг тақдирини билмоқчи бўлган Ҳикматойга маълумот юборилмади. Бундан ўкинган, умр йўлдошини сўнгги бор 1937 йилда кўрган Ҳикматой яна тегишли идораларга мурожаат қилди. Ниҳоят, олий суд ҳарбий коллегияси 1957 йилнинг биринчи августида мажлис ўтказиб, Фитрат иши юзасидан бош прокурор хулосасини кўриб чиқди ҳамда 4 Н-07109157 рақамли ажрим чиқарди.Ажримда Фитратнинг “ ҳеч қандай жиноят қилмаганлиги аниқланиб” , унга нисбатан 1938 йил 5 октябрда чиқарилган ҳукм “ бекор қилинади” ва “ иш тўхтатилади” дейилган.
Ваҳоланки, аёл эрининг машъум тақдиридан 1957 йил 10 ноябрдагина хабардор бўлди.Бу пайтда Ҳикматой ая Тошкент шаҳри, Собир Раҳимов кўчаси, 2-берк кўча, 6-уйда истиқомат қиларди.Ҳикматойнинг сўнгги ҳаёти афсуски номаълум бўлиб, бу ҳақдаги маълумотларга ойдинлик киритиш тарихчилар олдидаги долзарб вазифа бўлиб турибди.
Мозийнинг машъум қора кунларида Фитрат ва унинг хотини Ҳикматойнинг тақдири ана шундай кечган эди.
СУКУНАТДАН КЕЙИНГИ ЭЪТИРОФ
Афсуски фанда “Катта террор” дея аталаётган 1937-38йиллардаги қатағондан кейин Фитрат ижоди ва илмий мероси ўрганилмай, тарғиб қилинмай келинди. Фақатгина Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1991 йил 25 сентябрда Фитратга (вафотидан кейин) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти берилди. Бухоро шаҳрида Фитрат боғи ва уй-музейи ташкил этилади. Бухорода Фитрат ҳайкали ўрнатилади. Республикадаги бир неча мактаб, кўча ва ташкилотлар Фитрат номи билан аталадиган бўлди.
Фитрат ҳаёти, фаолияти, илмий ижодий меросини ўрганиш тадқиқ ва тарғиб қилишда Наим Каримов, Бегали Қосимов,Озод Шарафиддинов, Шерали Турдиев, Сирожиддин Аҳмад, Ҳамидулла Болтабоев, Илҳом Ғаниев, Баҳром Ирзаев, Қаҳрамон Ражабов, Шодмон Ҳайитов сингари кўплаб олимларнинг ҳиссаси катта.
Ҳа, Фитрат ҳар қанча эъзозлашга, хотирлашга арзийдиган 20 аср ўзбек адабиёти, фани ва маданиятининг йирик вакилидир. У қомусий билимга эга олим, адабиёт назариётчиси, теран тилшунос, ўзига хос драматург ва шоир, жанговар сиёсий публицист, ношир, журналист ва халқчил давлат арбоби сифатида улуғ истеъдод эгаси, ноёб феномендир.
Маълумки, 19 аср охири ва 20 асрнинг суронли ҳамда қиронли даврида яшаб ҳам Фитрат ўзидан бой мерос ва миллат тарихида, халқ тақдирида ўзига яраша из қолдира олди.Фитрат ва Фитратлар яшаган давр, тарихий шароит ҳамда уларни вужудга келтирган халқнинг ижтимоий-сиёсий даражаси улар ғояларининг парвоз қилишига, реал кучга айланишига имкон туғдирмади. Афсус…
Афсус…Фитрат “халқ душмани” сифатида ноҳақдан қамоққа олинганида 51ёшда эди ва бир ярим йиллик азобу уқубатлардан сўнг 52ёшида отиб ташланади.Шу ёшигача ҳам ўзининг феноменал иқтидори билан серқирра фаолият кўрсатиб, бой мерос қолдира олган истеъдод эгаси афсуски тарихимизда кам.Шулардан бири эса Фитратдир.
Гарчи Абдурауф Фитрат жисми 1938йил 4 октябрда йўқ қилинган бўлсада, унинг заковатли сиймоси, яратган асарлари асрлар давомида маънан барҳаёт бўлиб, нурли маёқ тарзида порлаб тураверади.
Агар яқин тарихимизга назар солсак,1985 йилдан собиқ иттифоқ ҳудудида “қайта қуриш” сиёсати юритилиб, истиқлол ғоялари қайта туғилган даврдаёқ Фитрат ва Фитратлар асарлари ўзбек матбуоти саҳифаларида чоп этила бошлади. Қолаверса ана шу истиқлол ғояларини ҳам Фитрат ва Фитратлар асарлари уйғотганди.
Ҳа, Фитрат асарларини ўқиш орқали миллатнинг мудроқ ғурурлари уйғонади, “Раҳбари нажот”(“Нажот йўли”) асарини ўқиган инсон ҳаётга, жамиятга теран нигоҳ орқали боқади, тафаккур доираси кенгаяди. ”Оила” асарини дастуриамал қилган хонадонда, жамиятда оила мустаҳкам , болалар баркамол бўлиб вояга етади. Умуман Фитратнинг барча асарлари миллатнинг баркамоллигига хизмат қилиб бораверади.
Шукрки миллатимиз тарихида Ал-Хоразмий, Беруний, Замахшарий, Мирзо Улуғбек сингари юзлаб дунё илму фани истиқболига катта ҳисса қўшган алломалар кўпчиликни ташкил қилади ва улар бизнинг фахримиздир. 20 асрдаги ана шундай фахр тимсоли бўлиб хизмат қиладиган, ғурурланадиган алломаларимиз қаторида эса Фитрат номи ҳам бор.Буни ул зотнинг ижодий илмий мероси яққол кўрсатиб турибди.Шу боис Фитрат номи ҳар қанча фахрланишга, хотирасини эъзозлашга арзийдиган ШАХСдир. Фитрат асарлари эса доимий ҳамроҳимиз бўлсин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

+ 83 = 91

Akme Consalting !!!

Bizga qo‘shiling !

Kirish Yopish
error: Content is protected !!