Туркистон жадидлари: Германиядан қайтиб икки марта сургун қилинган Марям Султонмуродова
Ўзбекистонда 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни этиб белгиланган. Би-би-си Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаевнинг 1920-йилларда хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақидаги мақолаларини эътиборингизга ҳавола этади.
Султонмуродова Марям Жуманиёзовна 1905 йил 13 февралда Хива шаҳрида туғилган. Дастлаб Чандир Қиёт қишлоғида деҳқончилик билан шуғулланган отаси Жуманиёз Султонмуродов 1916 йилги халқ қўзғолонида иштирок этиб Хива хонининг таъқибига учради.
1917 йил у оиласи билан хонликни тарк этиб, 1919 йилгача Тўрткўлда яшашга мажбур бўлган. Инқилоб натижасида Хива хонлиги ҳудудига қайтиб келган Жуманиёз Султонмуродов большевиклар ёрдамида Ҳарбий трибунал раҳбари, Хоразм Халқ Республикаси Халқ комиссарлари Кенгаши раиси, Хоразм компартияси котиби лавозимларида ишлади.
Жуманиёз Султонмуродов тараққийпарвар инсон сифатида 1911 йил қизи Марямни Урганчда янги усулдаги нўғой (татар) мактабига берган. Марям у ерда беш йил ўқигач, оиласи кўчиши сабаб Тўрткўлдаги жадид мактабида таълимни давом эттирди.
Марям Султонмуродова Тошкентдаги маориф мактаби гимназиясида ўқиди, сўнгра олий маълумот олиш мақсадида Оренбург татар педагогика институтига ўқишга кирди.
1921 йил ёзги таътилда Хоразмга келган Марям Хоразм компартияси Марказий Кенгашида аввал адабий бўлимга, сўнг аёллар бўлимига раҳбарликка тайинланди. Марям бу вазифани бажаришга қийналди, чунки оғир тарихий шароит унга кўнглидагидек ишлаш имконини бермади. Натижада у 1922 йил Тошкентга қайтиб, Ўрта Осиё давлат университетининг Ишчи факультетига ҳужжат топширди.
Олти йиллик хорижий таълим
Марям синглиси Гулчеҳра билан
1922 йил октябрида Марям Султонмуродова Бухоро ҳукумати томонидан Германияга ўқиш учун юборилаётган талабалар сафига киритилди. Хоразм Халқ Республиканинг Москвадаги мухтор вакиллиги ходими Карим Сафаев ёрдамида Марям хориж учун паспорт олиб, Ленинградга йўл олди.
Ленинград портидан Хайриниса Мажидхонова ва Тўлаган Мўминовлар бўлган гуруҳ билан пароходда Германиянинг Штецин шаҳрига етиб бордилар.
Ҳеч қачон очиқ денгизни кўрмаган саҳро қизи параходга тушиши билан у ерга етиб боргунча касал бўлди.
Марям Султонмуродова аввалига Берлин университети қошидаги олти ойлик тайёрлов курсида ўқиди. Сўнг Дармштадт шаҳридаги “Виктория” ўқитувчилар семинариясига кириб икки йил таълим олди. 1926-27 йилларда эса Потсдамдаги “Фрауншуль” аёллар мактабида амалиёт ўтади.
1927 йил ёзги таътил вақтида дугонаси Хайриниса Мажидхонова билан Франция пойтахти Парижга саёҳат қилар экан, уларнинг Париж опера театри ошхонасида Аҳмад Наим ва Мустафо Чўқайлар билан икки дақиқалик тасодифий учрашуви кейинчалик қатағон этилиши учун асосий баҳона бўлди.
Хорижда ўқиш унинг учун осон эмасди. “Туркистон” газетасининг 1924-йил сентябр сонида эълон қилинган мақоласида Эртой шундай ёзган: “…Хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир. Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолғон опа-сингилларимизнинг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қимматлик қизимизга Хоразм жумҳуриятимизнинг шундай совуққонлик билан қарашиға Туркистон ёшлари таассуф этолмай туролмайдурлар”.
Мактабдаги амалиёти изидан Марям Берлиндаги профессор Генрих Финкельштейннинг олти ойлик ҳамширалик курсини ўқиб битирди ва 1928 йил СССРга қайтди.
Марям Султонмуродова Ўзбекистонга келиши билан сўроқ таъқиблар бошланиб кетди. Аввалига ҳеч жойдан иш берилмади. Фақат 1929 йил февралида Германияда таълим олган Бадри Сайфулмулк ёрдамида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш комиссарлигига қарашли болалик ва оналикни асраш институтига ҳамшира бўлиб ишга киришга муваффақ бўлди.
Марям 1929 йил охирида Асқар Ахмадбеков билан оила қуриб, тўрт йил Каттақўрғонда яшади. Эри қамоққа олингач, 1933 йил Тошкентга қайтиб Ўрта Осиё давлат университетида, “Гулистон” ва “Ёрқин турмуш” журналларида ишлади.
Марям ўзбек матбуотида ўзининг олмон адабиётидан қилган таржималари ва аёлларнинг ўткир ижтимоий муаммоларга бағишланган мақолалари билан элга танила бошлади. Ёш журналист Даврон Мадаминга турмушга чиқиб, бахтли ҳаёт остонасида турган пайтида ҳақиқий аянчли кунлар етиб келди.
“Катта қирғин” ва икки сургун
Марям сургунлар даврида ўз фарзандлари дийдорини ўйлаб омон қолди
1937 йил сентябрида Марям Султонмуродова олти йил Германияда ўқиган, “Туркистон” жосуслик ташкилоти аъзоси деб, ЎзССР Жиноят Кодексининг 60 (аксилинқилобий ташвиқот), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбланиб қамоққа олинди. Тинтув жараёнида унинг паспорти, дипломлари, меҳнат дафтарчаси, хатлари, китоблари, 35 та шахсий суратлари хатланиб тортиб олинди.
Ортидан онаси Дурдижон ая, мурғак ўғли Пўлатжонлар зор йиғлаб қолдилар. Марям олти ойлик норасида қизи Анора билан қамоқхона азобларига гирифтор этилди.
Марям Султонмуродова 1938 йил 4 октябрда сўнгги бор сўроқда ҳам “Германияда “Озод Туркистон” деган ташкилот ҳеч қачон бўлмаган ва бу ҳақида мен ватанга қайтиб эшитдим. Бошқа ҳеч нарса қўшимча қила олмайман. Менинг ҳеч қандай айбим йўқ,” деди.
Узоқ вақт давом этган азобли тергов давомида унга қўйилган бирорта айб ўз исботини топмади. Бироқ, Марям ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж, қуролли қўзғолонга ҳаракат, Совет давлатига қарши теракт, аксилинқилобий ташкилотга аъзолик каби ўта хавфли айбловларга лойиқ деб топилди.
Шу ой ўтказилган “Учлик” суди атиги 20 дақиқа давом этди. Марям Султонмуродова 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.
У жазони дастлаб Тошкент, сўнг Қозон ва Суздаль турмаларида ўтади. Кейин узоқ Колима областига юборилиб, Магадандаги “Дальстрой” қурилишида 1947 йил 13 сентябргача азоб-уқубат чекди.
Фарзандлари ва қардошлари соғинчи унга ўлимни йўлатмади. Жазо муддати тугагач ватанга қайтиб Урганч туманидаги, Янгибозор фуқаролар йиғинида ҳамшира бўлиб иш бошлади.
Бироқ, унинг хурсандчилиги яна узоққа бормади. У 1949 йил 30 мартда қайта қамоққа олинди ва бу гал ҳам эски “жиноятлари” учун ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси 1 қисми (Ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 67- (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари қўлланиб у узоқ Красноярск Ўлкасига сургун қилинди.
1954 йил 1 сентябрда уйига ёзган хатини у шундай якунлайди:
“Азизларим! Бизлар бугун сургундан бўшадик. Уй ва молларни ўз баҳосига сота билсак, октябрь оёқларина кетамиз. Сота билмасак, бу ерда қишлаймиз. Соғ бўлинг. Соғлиқда кўришайлик. Хат ёзинглар, ҳаммангизга салом билан Марям.”
Таъқибга тўла умр
Германияда таълим олган Марям ватанда уни сургунлар кутаётганини билмасди (ўтирганлар орасида ўнгдан иккинчи)
Марям Султонмуродованинг 1956 йил 10 май куни ёзган аризаси асосида унинг иши қайта кўриб чиқишга топширилди. 1956 йил сентябрида ўтказилган сўроқ давомида у бошидан кечирган барча кўргиликларни бирма-бир ҳикоя қилди. Жумладан: “… 1949-54 йиллар Красноярск ўлкасида сургунда бўлиб қайтдим, ҳозирда Қараман қишлоғида ҳамшира бўлиб ишлайман. Берлинда “Туркистон талабалар уюшмаси” деган ташкилот бўлган. Аммо, унинг тадбирларида фақат илмий мунозаралар бўлар, талабаларнинг таълим жараёнидаги муаммолари ва иқтисодий масалаларини муҳокама қилар эдик…”.
Ташкилот раҳбарларидан Тўлаган Мўминов жуда билимдон, Султон Матқул ниҳоят босиқ ва мулоҳазали, Темур Казбеков шўх ва ҳазилкаш, Саттор Жаббор эса етук олим ва адабиётга ошно инсон сифатида умрбод хотирасида қолганини эслайди.
Икки сургундан омон қолган зиёли Марям Султонмуродова 1957 йил 2 августда СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланди.
Бироқ, у тўлиқ оқланганидан кейин ҳам рўшнолик кўрмади. Таъқиб тўхтамади. Севган соҳаси бўлмиш журналистика билан шуғулланиш у ёқда турсин, унинг газета ё журнал ўқишига ҳам тўсқинлик кўрсатилди.
Марям қоронғу кечаларда ўзининг эрксиз, бахтсиз ҳаётини қуйидагича қоғозга туширган: “… 1957 йил мени оқлашган. Мендан бахтли одам йўқ эди. Ахийри орзуйим ушалди! О, менинг хурсанд бўлганларим… Ҳаётимда катта бир ўзгариш кута бошладим ва ахийри тўла ҳуқуқли совет граждани бўламан деб ўйладим! Лекин афсус, кўп ўтмай ихлосим қайтди. Мен ҳамон назорат остида эканлигимни, шармисорлик тамғасининг юки ҳамон босиб ётганини англадим… Ўзлигингни пастга уришларини ҳис этишдан ортиқ алам йўқ оламда. О, бу қанчалар оғир!
Агарда менга юқоридан, масхаромуз қараётган мана шу кимсалар мендан яхшироқ ва мендан покроқ бўлишганида-ку, балки бу ҳолга чидардим. Лекин асло ундай эмас эди. Аксинча, уларнинг бири чайқовчилик, ичкиликбозлик, бузуқлик қиларди. Иккинчиси, бировнинг эрини тортиб олган, фарзандини отасиз қолдирган эди… Ҳеч бўлмаса мана шу кимсалар мени тинч қўйишса эди, кўнглимга ғулғу солишмаса эди…”.
“Наҳотки мен шунчалар хавфли жиноятчи бўлсам, наинки мени назорат қилиш учун бутун бошли штат белгиланса? Наҳотки шундай қилишга улар ҳақли бўлсалар?” деб ёзганди у оқланиши ортидан ҳам давом этган кузатувлардан нолиб.
Бу ҳақсизликлар ҳам Марямнинг иродасини синдира олмади. У ўзини бир лаҳза бўлсин айбдор деб билмади. Ҳақиқатга ишонди, инсонийлигини йўқотмади. Бу билан шўролар тузумининг шармандали тарихида инсон матонати тимсоли сифатида қолди.
Марям Султонмуродованинг таъқиблар ва тазйиқларга тўла умри 1971 йилда ниҳоясига етди.
Ундан “Раҳмат десинлар”, “Мажнунтол”, “Қалбим нидоси”, “Меҳр кўзда”, “Карвонлар келганда”, “Кутилмаган бахт”, “Бетамиз йигит” номли ҳикоялар қолган.