Мунаввар Қорининг янги усул мактаблари тизими, мазмуни ва педагогик фаолияти.

Мунаввар Қорининг мактаб таълими хусусидаги қарашлари энг аввало, янги усулда ташкил қилинган мактаблар ҳамда дарсликларда ўз аскини топганлигини кўрамиз. Янги усул мактабларида ҳар хил тоифа – бой ва камбағалларнинг болалари бирдай ўқиш хуқуқига эга бўлди. Тур­кистонда янги усулдаги мактаб сони айниқса 1905 -йилдан кейин тез кўпайди. Aйни пайтда матбуот саҳифаларида усули жадид мактаблари тўғрисида фикрлар тез-тез эълон қилина борди. Табиийки, чор генерал-губернаторлиги янги усул мактабларини очиқ юз билан кутиб олмади. Чунки жадидлар тезликда савод ўргатиб, мустамлакачиликдан қутилиш муаммоларини турли йўллар билан тушунтурмоқда эди. «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида жадид мактабларига қарши фикрлар тез-тез бериб турилди. Жумладан, газета саҳифаларидан бирида шундай фикрлар берилади:
“Усули жадид” дегани қаердан чикди?Бу нечук? Масалан: ота-боболаримиз усули қадим ила ўқуб мулло бўлганлар ва биз ҳам усули қадимни ўқуб, бир нима билиб эдик. Усули жадид деган бир тарной бидъаттурки, яқин фурсатда чиқмишдур.
“Усули жадид надур? Усули жадид -янги усул демакдир. Янги усул деганда, усули эътиқод ва ибратда янгилик демак эмас, балки, сўнг замонларда халқни фақирлиги сабабли бик хизгонч бир ҳолда тушган мактаб ва мадрасаларимизнинг керак идорасини ва керак таълим тадрис кайфиятларини ислоҳ этмокдан иборатдир.”

Мунаввар Қори жадидлар қораланаётган бир пайтда мазкур мактаблар ва маърифий ҳаракат тўғрисида яна шундай фикрларни ҳам билдирган эди: «Жадидчиликка қандай баҳо бериш тўғрисида қуйидаги асосларни келтираман: Жадид мактаби қай вақтда ва кимлар қўли билан вужудга чиқди? Мана буни текшириш учун 20 йил илгарига қараш албатта лозим. Ҳозирги пайтда ўрта маълумотга эга бўлган кишилар Москов ва бошқа жойларга бориб ўқишни ҳавас қилса, авваллари саводи чиққан ҳар бир киши Бухорога бориб ўқишни ўзи учун бир шараф деб билар эди. Чунки улар илмни фақат дингина деб билар эдилар. Муҳит ҳам шуни тақозо қилар эди. Жадид мактаби ташкил қилғонлар ҳам эски мактаб, мадраса ва қорихоналар етиштирган кишилар эди. Улар ёлғиз Боғчасаройда чиқадурғон Исмоил Гаспринскийнинг мактабини яхши тушуниб, китоблар олдирар эдилар.”
Кўринаяптики, тараққийпарвар Мунаввар Қори жадидларга айни пайтдаги ҳолатдан келиб чиқиб баҳо бериш зарурлигини айтади. Чунки айни пайтда, янги усулдаги мактаблар ўша вақтда ўта зарур ва лозим эди.
Янги усул мактабларини фақатгина чор хукуматигина эмас, чор ҳукуматига содиқ бўлган маҳаллий мутаассиб руҳонийлар, шу билан бир қаторда эски мактаб домлалари, «усули қадим» тарафдорлари ҳам ёқтирмас эди. Улар янги усул мактабларини “Ислом динига рахна уради», “Бу мактабларнинг муаллимлари – кофир” деб ташвиқот олиб борганлар. Маҳаллий мутаассиб диндорлар янги усул мактабларини қоралашда ва уларни тугатишда чор амалдорларига ёрдам бериб турганлар, янги усулдаги жадид мактаби муаллимларини ёмонлашдан ўзларини тиймаганлар.
1908- йилларга келиб, Туркистон ўлкасида янги усулдаги мактаблар сони кўпая борди. Чор ҳукуматининг ҳам уларни зўрлик билан беркитишга қурби етмай колди. Туркистон ўлкасига янги усулдаги мактаблар очиш учун муаллимларнинг руҳсат сўраб ёзган арзномалари кўпайиб борди. Ҳатто жадид мактабла­рини очиш тақиқлаб қўйилди. 1910-19- йиллар оралиғида чор амалдорлари янги усулдаги мактабларнинг 50 дан зиёдини ёпиб қўйди. Шунга карамасдан, фидойи тараққийпарвар муаллимлар саъй-ҳаракати туфайли «усули жадид» мактаблари янада кўпайиб борди. Й. Aбдуллаевнинг маълумот беришича, “1919 – йил 31-июлда Туркистон генерал-губернатори маҳкамасига берган маълумотига кўра, Тошкентнинг эски шаҳар кисмида 16 та янги усул мактаби бўлган. Кекса кишилардан суриштириб аниқлашимизча, 1917- йил арафасида Қўқонда 24 та (Бешариқ ва Боғдоддаги янги усул мактаблари ҳам шу ҳисобга киради), Aндижон шаҳри ҳамда шаҳар атрофидаги қишлокқларда 34 та янги усул мактаби бўлган”.
Туркистонда янги усул мактабларининг алоҳида ягона дастури бўлмаган. Жадидлар тараққий этган мусулмон мамлакатлари мак­таблари, Исмоил Гаспринскийнинг усули жадид мактабини ўрганишлари натижасида ва ўзлари ижодий равищда маҳаллий шароитга мослаб ўқув ишларини олиб борганлар. Улар «усули жадид» мактаблари учун дарсликлар кам бўлганлиги туфайли ўзлари дарсликлар ёзганлар.
Янги усул мактабларида таълим-тарбия «усули қадим» мактабларига қараганда жуда яхши йўлга куйилган эди. Бу мактабларда дин дарси ҳам инкор килинмай, аксинча, чуқур ўргатилган. Жумладан, «Тарихи анбиё», «Туркий ақоид», «Сабот ул-ожизин», «Ислом тарихи» Қурьоннинг ўқилиши – қироати, «Тажвид» номли китоблар воситаларида дарслар ўтилган. Мунаввар Қорининг «Хавойижи диния» китоби ҳам алоҳида дарслик сифатида қўлланилган.
Туркистонда янги усул мактаблари икки босқичдан иборат бўлган. ☑️Биринчи қисми – ибтидоий, яъни бошланғич деб номланиб, 4 синфдан иборат бўлган.
☑️Иккинчи қисми 3 еки 4 синфни ўз ичига олган. Бу қисми рушадий “ўрта” деб номлаган. Янги усул мактабларида асосан бепул ўқитилган ва асосан ўғил болалар ўқиган. Aммо Тошкент, Қўқон, Каттақўрғон каби шаҳарлардаги «усули жадид» мактабларида қиз болалар учун ҳам махсус синфлар ташкил қилинган. Ҳатто қиз ва ўғил болалар бирга ўқийдиган синфлар ҳам бўлган.
Мунаввар Қори 1890- йилда, 22 ёшида Тошкентнинг ҳозирги Миробод бозори яқинида, 1907- йилда Шайхонтоҳур даҳасидаги ўз уйида жадид мактаби очади. Мазкур мактаб ва унда ташкил этилган таълим-тарбия ишлари, ўқитиш услуби ўз мазмуни ва хусусиятига кўра бутунлай янги ва илғор бўлиб, тез орада миллатни маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ва охир-оқибатда, иқтисодий тараққиётга олиб чиқарувчи жуда катта омил ҳамда имкониятларга эга бўлади. Мактабда ўқувчилар ёзиш, ўқишни билиши ва жисмоний соғлом ўсиши учун парталарга ўтказилган, ўқитиш кўргазмали, ўргатиладиган билим ва фан асослари амалий хусусиятга эга бўлган, яъни касб-ҳунарга, ҳаёт учун зарур бўлган талабларга яқинлаштирилган.
Хақиқий инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва демократик тамойиллар диний ва дунёвий билимлар – Мунаввар Қори мактаб тузилиши асосини ташкил этади.

Мунаввар Қори Абдурашидхонов

Мунаввар Қори жадид мактаби таълим-тарбия услубий ишларини такомиллаштириш билан чекланмайди. У бутун ўзбек миллий халқ маорифининг бутунлай янги, мукаммал, замонавий бошланғич (ибтидоий), умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим тармоқлари мажмуига асос солди. У ўз дастурида болаларни ҳар томонлама, ҳам ақлий, ҳам жисмоний, ҳам эстетик бир бутун уйғунликда билимларни ҳаётда бевосита қўллашга ўргатишга алоҳида эътибор беради.
Моҳир педагог ва болалар ички дунёсини яхши биладиган Мунаввар Қори ўқиш учун фақат ота-онанинггина эмас, балки боланинг ҳам розилигини ҳисобга олиш зарурлигини айтади. Унинг таъкидлашича, болалар аввало, мактабнинг ички тартиб қоидалари, яъни дарс ва танаффус вақтларида ўзини қандай тутиш, муаллим ва ўз сафдошлари билан қандай муомалада бўлиш, китоб ва дафтарларни қандай сақлашни билиши керак. Болаларга бериладиган танбеҳ ва жазо жуда демократик ва инсонпарварлик руҳида бўлиши лозим. Масалан, огоҳлантириш, енгил танбеҳ бериш, дарсдан сўнг олиб қолиб, ўтилган мавзуларни такрорлашга мажбур этиш, синф бурчагига турғизиб қўйиш, хайфсан билдириш ва ниҳоят, мактабдан ҳайдаш керак.
Мунаввар Қори мактаб тартиб-қоидаларига катъий амал қилишни муаллимлардан ҳам талаб қилган, болалар билан қўпол муомалада бўлишни, уларни уриш ва жеркишни қатъиян таъқиқлаган.
Мунаввар Қори мактабида 1915- йилда 150 та ўқувчи бўлган. Шулардан 30-35 фоизи камбағалларнинг боласи бўлиб, бепул ўқитилган. Улар ўқув дарсликлари ва қуроллари билан бепул таъминланган. Қолганлари эса, ўқиш учун ҳар ойда баҳоли-қудрат 50 тийиндан то бир ярим сўмгача пул тўлаган. Баъзи бадавлат оталар 2 сўмдан ҳам бериб тўрган. Бир кунда 50 минутдан уч дарс ўқитилган. Ўн минутдан бир саотгача кичик ва катта танаффуслар жорий этилган.
Aйни пайтда ҳукумат чор амалдорлари қўлида бўлганлиги учун янги усулдаги мактабда болаларни маҳсус бинода ўқитишнинг имконияти йўқ эди. Шунинг учун ҳам янги усулдаги жадид мактаблари машғулотлари муаллимлар ва бошқа илмга рағбати бор кишилар уйида олиб борилган. Янги усул мактабларида бо­лалар синф-синфга бўлиб ўқитилган, улар парта ёки стол-стулларга ўтиришган. Дарс аниқ дастур асосида олиб борилган, машғулотлар жадвалларга риоя қилинган ҳолда тузилган. Бу жадваллар асосида дин, араб тили, шифохия (араб тили амалий машғулотлари), ислом тарихи, она тили, форс тили, туркий адабиёт, тарих, ахлоқ, жуғрофия, ҳисоб, рус тили ва бошқа фанлар ўқитилган. Жадид мктабларидаги таълим ва дарсликларда Мунаввар Қори Aбдурашидхоновнинг маърифий қарашлари яққол намоён бўлади. Aйни пайтда Тошкентдаги усули жадид мактаблари­нинг дастурларини ҳам Мунаввар Қори Aбдурашидхонов тузган. Мунаввар Қори 1919- йилда 6 йилга мўлжалланган дастур тузади ва уни амалга ошира бошлайди, Мунаввар Қорининг «Намуна» номли мактабида ҳам бир неча юз болалар таҳсил олган. Улуғ маърифатпарвар Тошкент шаҳрида «қадимчилар» томонидан «куфр уяси» деб аталган янги мактаб орқали маърифат ўчоғини оча бошлади. Туркистон болаларини янги мактаб таълими орқали янги маънавият сари етаклади. У «усули жадид» мактабини маданият масканига айлантирди, «усули жадид» мактабига халқни миллий мустақиллик учун курашга ҳозирлайдиган тарғиботхона сифатида каради. У ўз фаолияти билан эски мактабларни тубдан ислоҳ қилмай туриб, инсонларнинг онгида ўзгариш ясаб бўлмаслигини англатишга интилди.
Мунаввар Қорининг назарида, хақиқий миллатпарварларни ўша вақтда мавжуд бўлган “усули қадим” мактаблари ҳам эмас, рус-тузем мактаблари ҳам эмас, балки Туркистон ўлкасида шаклланиб келаётган, тараққиёт масалаларини ўзида мужассамлаштирган «усули жадид» мактабларигина етиштириб бера олар эди. Шу билан бир қаторда, Мунаввар Қори “усули жадид” мактаб таълими хусусидаги ўз қарашларини тарқатишга ҳаракат қилди. У Туркистонда таълим ва маорифни ривожлантириш, кўплаб янги мактаблар очиш, ўлкада тараққийпарварлар томони­дан ташкил қилинаётган билим ўчоқларини кўпайтириш учун тарғибот ҳамда ташвиқот ишларини кучайтирди. Мунаввар Қори мактаб таълими яхши йўлга қуйилмаган ўлкада зиё тарқатишнинг турли йўлларини қидирди. Шу мақсадда, «усули жадид» мак­таблари учун ўзи дарсликлар езди. Мунаввар Қори бу дарсликлари орқали комил фарзандларни вояга етказишнинг асосий шарти – таълим ва тарбия бирлиги деб билди. Унинг дарсликларида ва мақолаларида таълим-тарбиянинг муҳим томонлари ўз аксини топган. Мунаввар Қорининг мактаб ва маориф соҳасидаги фаоли­яти, педагогик қарашлари педагогикамиз тарихидаги ёрқин саҳифани ташкил этади.
Хуллас, Мунаввар Қори ўз мехнат фаолиятини Тошкент шаҳрида янги усул жадид мактабини очиш 1901- йил ва унинг 1-синфида муаллимлик қилиш билан бошлади. Ҳаётининг кўп йилларини ўқитувчиликка бағишлади. Мактаб ўқитувчиларига раҳнамолик кўрсатди. 1920-йилдан Тошкентдаги Н. Наримонов номидаги ўғил болалар педагогика техникумида, ўқитувчилар тайёрлов курсларида она тилидан дарс берди. – 2 синф учун ўқиш китоби – « Aдиби соний», «Ер юзи» (жуғрофия) дарсликларини яратди, 3-4 синфларда ўқиш дарсларида фойдаланиш учун Камий, Хислат, Сўфизода, Ҳамза каби шоирларнинг шеърларидан ташкил топган «Сабзавор» номли тўпламни тузди. Қуръонни ўқиш йўл-йўриқлари баён килинган «Тажвид” ни татар ти­лидан таржима қилди. Диний қоидалар тушунтирилган “Хавойижи диния” қўлланмасини ўзбек тилида ёзиб нашр этди.
Октябр тўнтаришидан сўнгги уч йилликда, беш йиллик ўзбек мактаблари 1-2 синф ўқувчилари учун тўрт китобдан иборат «Ўзбекча тил сабоқлари» дарсликларининг илк муаллифи бўлди.
Мунаввар Қорининг болаларга атаб ёзган шеърий ҳикоя ва масаллари мавжуд. Шоир бу асарларида болаларда Ватанга садоқат, меҳр-муҳаббат, инсонийлик, туғрилик, меҳнатсеварлик фазилатларини тарбиялашга эътибор берди. Унинг фикрича, Ватанни севиш, унинг гуллаб-яшнаши учун меҳнат қилиш ва ўқиб-улғайиш зарур. Билимсизлик – нодонлик, ялқовлик демакдир. Мунаввар Қори «Ялковлик ёвимиздир» шеърида ёшларни билимларни эгаллаш, меҳнат қилишга даъват этиб, шундай дейди:
Қўзғолинг, эй ўртоқлар,
Келди бизга ишлаш чоғи,
Биз барчамиз, ёш ишчимиз, Ишхонамиз мактаб боғи,
Туринг, тезрок иш бошлайлик, Ялқовликни биз ташлайлик!

У болалар қалбига Ватан гўзаллигини сингдириб, уларни Ватан олдидаги фуқаролик бурчини юксак даражада бажарадиган кишилар қилиб камол топтиришни, Ватан ўз фарзандларидан нажот кутиб турганлигини таъкидлаб дейди:
Жаннат каби гўзал юртнинг йиғлаб сендан иш кутадир.
Сени кўргач, ишсизлик хасрат чекиб қон ютадир.
Тур ўрнингдан, оч кўзингни ,
Aйт ёвингга сўнг сўзингни.

Мунаввар Қорининг фикрича, ёш авлодни тарбиялаш орқали миллатни уйғотиш, Ватанни озод қилиш, халқни маънавий юксалтириш, бойитиш ва фаровон турмуш кечириш мумкин.
Мунаввар Қори “ёв” деганда икки нарсани – ялқовлик, ишёқмаслик, дангасаликни назарда тутади. У болаларни ёшликдан бошлабоқ бу иллатлардан қутқариб, уларда шижоат, ғайрат-жасорат ва мардлик хислатини тарбиялашни орзу қилади. Унинг таькидлашича, «ёв-бу эл-юртни зулукдек сўриб ётувчилардир». Мунаввар Қорининг фикрича, улардан ҳоли бўлишнинг асосий йўли – ёшларни тез ва қисқа муддатда хат-саводини чиқариб, уларни фан-техника ютуқлари билан қуроллантиришдан иборатдир. Улуғ мутафаккир болаларга мурожаат қилиб шун­дай дейди:
Сиз ҳам туринг, эй ўртоқлар.
Юрт орзусини ёшлар сақлар.
Тирик бўлсанг, қўзғол, Ўртоқ!
Қўлга ишни тез ол, ўртоқ!

Мунаввар Қори ёшларни мехнатсевар, юксак ахлоқли, умуминсоний қадриятларга садоқатли қилиб тарбиялаш зарурлигини таъкидлар экан, ота-оналарни бола тарбиясидаги муқаддас бурчларини тўғри ҳис этишга даъват этади. У бу хусусдаги фикрларини «Ҳар ким экканини ўрар» номли шеърий ҳикоясида эркин ифодалайди. Унинг ҳикоясида келтирилишича, бир киши соч-соқоли оқариб, кучсизланиб, ўрнидан туришга ҳам мадори колмайди. Отадан қутулиш учун уғли, келини ва невараси маслаҳатлашиб, уни саҳрога чиқариб ташлашга қарор қиладилар. Ўғил билан не­вара уни кўтариб олиб, саҳрода бир манзилга етганларида, ота шундай дейди: «Мен ҳам отамни шу ерга келтириб ташлаган эдим, навбат энди ўзимга келди, халқда “Ҳар ким экканини ўрар” деган матал бор». Бу сўзни эшитган ўғли ўйланиб, ўз қилмишидан пушаймон бўлади, хўнграб йиғлайди ва умр буйи отасига хизмат қилишга ваъда беради. Бу ҳикояда ким ота-онасига қандай хизмат қилган бўлса, боласи ҳам унга шун­дай хизмат қилади, боласидан қайтади деган ғояни олға суради.
Мунаввар Қори ота-оналарни болалар онгида маънавият, нафосат ҳамда гўзаллик туйғусини уйғотиш, уларни шу фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашга ундаб, улар эътиборини «Қўзи ва «Қиш» шеърида табиат гўзаллигига, ҳар бир фаслнинг ўзига хос, инсон қалбига ҳаёт бахш этувчи ҳолатларига жалб этади. у гўзалликдан болаларни баҳраманд қилишни тавсия этади.
Хулоса қилиб айтганда, Мунаввар Қори – ўзбек педагогикасининг асосчиси, отасидир. Ўз жонини, умрини Туркистон фарзандларини ўқитишга, саводли қилишга сарф этган фидокор, миллатсевар бобомизни авлодлар ҳам унутмажак!

Интернет манбалари асосида тайёрланди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

44 + = 51

Akme Consalting !!!

Bizga qo‘shiling !

Kirish Yopish
error: Content is protected !!