ПСИХОГЕОМЕТРИК ТЕСТ:“КИМСИЗ: КВАДРАТ, АЙЛАНА, ТЎРТБУРЧАК, УЧБУРЧАК, ЗИГ-ЗАГ?”
Ушбу тест шахсга алоқадор бир қанча муҳим характерологик сифатларни аниқлашга имкон беради. Шунингдек, тест ўз-ўзини таҳлил қилиш малакаларини мустахкамлайди ва ўзини тарбиялашга ёрдам беради.
Тавсия этилган геометрик фигуралардан қайси бири Сизга яқинлигини белгиланг ва унга “1” рақами кўйинг. Қолганларни ҳам ёқишига қараб, 5 гача баҳолаб чиқинг.
Энди Сизга хос бўлган психологик хусусиятлар ва фазилатларни билиб олинг.
Квадрат. Ҳаётий қадриятлари: тартиб, иш, анъаналар, репутация.
Асосий психологик хусусиятлари: Ижобийлари – тартиблилик, интизом, ўз вақтида ишларни бажарадиган, озода-покиза, қонунга бўйсунувчи, меҳнатсевар, чидамли, тиришқоқ, қатъиятли, қарорлари қатъий, сўзининг устида турадиган, ҳалол, оқил, ақл билан иш кўрадиган, босиқ, тежамкор, пишиқ.
Салбийлари – кўнглига ҳар хил фикрлар келадиган, бир ёқлама, педант, ўта талабчан, майда-чуйдага ҳам эътибор берадиган, жиддий, чидамли, қайсар, консерватив, янгиликдан чўчийдиган, фантазияси камбағал, писмиқроқ, пишиқ.
Учбурчак. Асосий қадриятлари: хокимият, лидерлик, амал, мавқе, ғалаба, манфаат.
Асосий психологик сифатлари: Ижобийлари – яхши лидер, ўзига масъулиятларни оладиган, ҳар нарсада асосий, моҳиятни кўрувчи, кучини сафарбар қила оладиган, ғалабага эриша оладиган, ўзига ишончли, қатъиятли, таваккалчи, ғайратли, тўғри сўз, ҳиссиётлари бой, ақлли.
Салбийлари – эгоцентрик, эгоист, назорат қилишни яхши кўрадиган, ўзгача фикрларга токатсиз, ишга ўта берилувчанлик, ҳар нарсадан манфаат қидирадиган, қайсар, импульсив, бешавқат, тоқатсиз, қўпол, раҳмсиз, аччиғи тез, заҳарҳанда.
Айлана. Асосий қадриятлар: инсонларга хизмат қилиш, оила бахти ва манфаати, болалар, мулоқот.
Асосий психологик хусусиятлари: Ижобийлари – мулоқотга эҳтиёж, киришувчанлик, ҳаммабоп, меҳрибон, ғамхўр, садоқатли, кучли ижтимоий интуицияга эга, эмпатия ҳисси кучли, бағри кенг, қўли очиқ, ҳиссиётларга берилувчан, босиқ, ювош, кечиримли, жанжалдан йироқ юрувчи.
Салбийлари: ўзгалар фикрига тобелик, бетартиб, ўта юмшоқ, талабчан эмас, қатъиятсиз, нарсаларни аямайдиган, лақма, сентиментал, кўнгли бўш.
Тўртбурчак. Асосий қадриятлари: ўзгариш, динамика, азарт.
Асосий психологик хусусиятлари: Ижобийлари – интилувчан, янгиликни қидирадиган, қизиқувчан, яхши таълим оладиган, зийрак, сезгир, ишонувчан, самимий, дадил, яхши ўйинчи.
Салбийлари: Қатъиятсиз, қарорлари мавҳум, иш ва сўз бирлиги йўқ, енгилтак, ишонувчан, эмоционал беқарор, содда, ўзига баҳоси паст, ланж, унутувчан, кечиримли.
Зигзаг. Асосий қадриятлари: эркинлик, ижод, ўзгариш.
Асосий психологик хусусиятлари: Ижобийлари – янгилик, ижодга интилиш, билишга чанқоқлик, ғалаёнчи, ҳаёлпараст, оптимист, келажакка интилган, руҳи тетик, экспрессив, ташаббускор, ақлли.
Салбийлари: тартибсизлик, қўнимсизлик, ўзгарувчанлик, индивидуализм, ишончсиз, қонунларни бузувчи, реалистик қарашнинг йўқлиги, субутсиз, импульсив, ўзини намойишкорона кўрсатадиган, заҳар, кесатиб гапирадиган.