ТЕСТ: “ШАХСДАГИ ТЕЖАМКОРЛИК ХУСУСИЯТИНИ АНИҚЛАШ”
Шахсда тежамкорлик хусусиятини аниқлаш учун ҳазиломуз саволларни диққатингизга ҳавола этамиз. Ушбу саволлар туфайли ўзингизни пул ишлатишдаги ўқувингиз қай даражада эканлигини билиб олсангиз ажаб эмас.
- Ҳамёнингизда қанча пул борлигини ҳар доим билиб юрасизми?
- Туғилган кун ҳамда байрамларда бировга совға қилиш ва бировдан совға олиш киши учун аҳамиятсиз деб ҳисоблайсизми?
- Арзон кийимлар дўконидан кийим сотиб олишни ёқтирасизми?
- Театрда энг арзон билет олиш тўғри деб ўйлайсизми?
- Ҳар ойда энг камида 1000 сўм пулни тежаб қола оласизми?
- Лотореяда катта микдордаги пул ютуғи чиқса, иш жойини ташлаб кетармидингиз?
- Фақат кимматбаҳо ва юқори сифатли буюм сотиб олиш тўғрими?
- Бировга ҳеч бир сабабсиз, ситқидилдан совға бера оласизми?
- Кредитга буюм олиш мақсадга мувофиқми?
- Эртанги кун учун пул жамғармай, ҳозирча яхши яшасак бас, деб ўйлайсизми?
Ҳар бир саволга “ҳа” деган жавоб учун 10 балл, “йўқ” деган жавоб учун эса 0 баллдан қўйиб борасиз. 1-5 саволлар учун баллар йиғиндиси сизнинг тежамкор ёки хасислигингизни кўрсатади (А-гуруҳ).
6-10 саволлар учун баллар йиғиндиси эса сиз сахий ёки исрофгар эканлигингиздан дарак беради (Б-гуруҳ).
Агар ҳар иккала гуруҳдаги баллар йиғиндиси ўзаро тенг бўлса, демак сиз тежамкор, ҳам сахий одам экансиз.
Мабодо, баллар йиғиндиси ҳар хил бўлса, каттасидан кичигини айириш керак. Масалан, А гуруҳида 40, Б гуруҳида 20 балл жамғарган бўлсангиз, демак А гуруҳи Б гуруҳидан 20 баллга кўп экан. Ана энди жавобларни кўриб чиқинг:
А гуруҳ Б гуруҳдан 10-20 баллга кўп бўлса: пулни оқилона сарфлайдиган тежамкор одамсиз, назари паст эмассиз, аммо ўзингизни моддий жиҳатдан таъминланган, деб ҳис қилишни ёқтирасиз.
30-40 баллдан ортиқ бўлса: сахий эмассиз, бирон нимага эга бўлишингизни ўзиёқ сизни жуда қувонтиради. Мабодо кўпроқ пул сарфлашга мажбур бўлиб қолсангиз, астойдил куйиниб кетасиз.
50 баллдан кўп бўлса: хасис, қурумсоқ одамсиз. Пул тежашга бўлган интилишингизни қариган чоғим учун йиғяпман, деган баҳонангиз ҳам сизни оқлай олмайди.
Б гуруҳ А гуруҳдан 10-20 баллга кўп бўлса: мурувватли сахий одамсиз. Пулга ружу қўймайсиз, лекин уни беҳудага совурмайсиз ҳам.
30-40 баллдан кўп бўлса: пулингиз кўп бўлса, уни нимага сарфлашни яхши биласиз. Бирон нарса сотиб олишни жуда ёқтирасиз. Эртанинг ғамини чекмай, шу бугун яхши яшашни ўйлайсиз.
50 баллдан ортиқ бўлса: пул ишлатишни билмайсиз. Уни беҳудага совурасиз. Тезроқ бирон киши билан маслаҳатлашиб, пулни ишлатиш кераклигини ўрганиб олинг. Акс ҳолда пул ташвишидан бошингиз чиқмайди.