ТЕСТ: “ШАХСЛАРДАГИ ЭМПАТИВЛИК (ЎЗГАЛАР ҲОЛАТИНИ ҲИС ҚИЛА ОЛИШ) ХУСУСИЯТИНИ АНИҚЛАШ” (И.М.Юсупов методикаси)
Эмпатия- бу инсонинг бошқа одамларга ҳамдард бўла олиш, қайғудош бўлиш, уларнинг ҳолатини тушуниш ҳамда қўлдан келганча ёрдам беришга тайёрлик қобилиятидир.
КЎРСАТМА: Эмпатия даражасини аниқлаш учун 36 та тушунчанинг ҳар бирига жавоб учун қуйидаги балларни қўйиш керак.
“билмайман” – 0 балл. “кўпинча” – 3 балл.
“ҳеч қачон” – 1 балл. “деярли, доимо” – 4 балл.
“баъзан” – 2 балл. “ҳа, ҳар доим” – 5 балл.
- Менга “Ажойиб одамлар ҳаёти” туркумидаги китоблардан кўра, саёҳатлар тўғрисидаги китоблар кўпроқ ёқади.
- Ота-оналарнинг ғамхўрлиги катта ёшдаги болаларнинг ғашини келтиради.
- Менга бошқа одамларнинг омадлари ва омадсизликларининг сабаблари ҳақида фикрлаш ёқади.
- Барча мусиқий телекўрсатувлар ичида “Замонавий мусиқа” кўрсатуви менга афзалроқ.
- Бемор кишининг ҳаддан ташқари ғазабланиши ва ноҳақ таъналарига (улар хаттоки йиллаб давом этса ҳам) чидашимиз керак.
- Касал одамга ҳаттоки сўз билан ҳам ёрдам бериш мумкин.
- Бегона одамларнинг икки киши орасидаги низога аралашмаганлари маъқулроқ.
- Кекса одамлар одатда сабабсиз хафа бўлаверадилар.
- Болалигимда ғамгин воқеани эшитганимда кўзларимга ўз-ўзидан ёш келарди.
- Ота-онамнинг ғазабланган ҳолати менинг кайфиятимга таъсир этади.
- Мени танқид қилишларига бепарвоман.
- Менга манзарали расмдан кўра портретни томоша қилиш кўпроқ ёқади.
- Мен доимо ота-онамни, улар ноҳақ бўлганларида ҳам кечирардим.
- Агарда от ёмон тортса уни қамчиламоқ керак.
- Мен одамлар ҳаётидаги оғир оқибатли воқеалар ҳақида ўқиганимда, бу нарсаларни худди ўз бошимдан ўтказаётгандек ҳис қиламан.
- Ота-оналар ўз фарзандларига одилона муносабатда бўладилар.
- Мен жанжаллашаётган ўсмирларни ёки катталарни кўрганимда уларнинг орасига аралашмайман.
- Мен ота-онамнинг ёмон кайфиятига эътибор бермайман.
- Мен бошқа ишларимни четга суриб, ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатларини узоқ вақт кузатаман.
- Фильмлар ва китоблар фақатгина жиддий бўлмаган одамлардагина кўз ёшини келтириши мумкин.
- Менга нотаниш одамларнинг юз ифодалари ва юриш-туришларини кузатиш ёқади.
- Болалигимда уйимга дайди мушук ва итларни олиб келардим.
- Барча одамлар асоссиз дарғазабдирлар.
- Бегона одамга қараб унинг ҳаёти қандай кечишини олдиндан аниқлагим келади.
- Болалигимда, мендан кичик болалар, менинг орқамдан изма-из юришарди.
- Майиб бўлган ҳайвонни кўрганимда унга қандайдир ёрдам бергим келади.
- Агар бирор одамнинг шикоятини диққат билан тингланса, унга анча енгил бўлади.
- Кўчадаги ҳодисани кўрганимда, гувоҳлар қаторига тушиб қолмасликка ҳаракат қиламан.
- Кичикларга мен ўз фикрим, ишим ёки вақтичоғлигимни таклиф этсам ёқади.
- Одамлар ҳайвонларнинг ўз эгасининг кайфиятини сеза олиш хусусиятлари ҳақида ошириб сўзлайдилар.
- Мушкул ва низоли вазиятдан одам мустақил равишда чиқиши керак.
- Агар бола йиғлаётган бўлса, демак бунинг сабаби бор.
- Ёшлар доимо кексаларнинг ҳар қандай илтимосларини қондирмоғи ва ғалати қилиқларини тушунишлари керак.
- Менинг баъзи тенгқурларим нега баъзан ўйчан бўлиб қолганликларининг сабабини тушуниб етгим келади.
- Дайди бўлиб қолган уй ҳайвонларини тутиб олиб, қириб ташлаш керак.
- Агар дўстларим мен билан ўзларининг шахсий муаммоларини муҳокама қилмоқчи бўлсалар, суҳбатни бошқа мавзуга кўчиришга ҳаракат қиламан.
Натижалар талқини:
қуйидаги саволларнинг жавобларидаги балларни жамланг:
2, 5, 8, 10, 12, 13, 15, 16, 19, 21, 22, 24, 26, 27, 28, 30.
82 дан 90 баллгача – эмпатиялиликнинг жуда юқори даражаси.
63 дан 81 баллгача – юқори эмпатиялилик.
37 дан 62 баллгача – эмпатиялиликнинг меъёрий даражаси.
12 дан 37 баллгача – эмпатиялиликнинг қуйи даражаси.
11 балл ва ундан кам – эмпатиялиликнинг жуда қуйи даражаси.