Ҳожи Муин. “Ришват” хасталиғи.
Асрлардан бери одам болаларини эзиб, қурутиб келган хасталиқ (касаллик)ларнинг энг ёмони ва юқумлиси ришват хасталиғидир. Ришват хасталиғи ҳисобсиз одам болаларини хонавайрон, бачагирён ва дарбадар қилғон. Одам жинсининг ҳар бир синфи орасинда ришват хасталиғи ҳукм суриб келғон. Анинг панжаи истилосиндан подшохдардан бошлаб гадой ва гўлоҳиларғача ҳеч бир синф халқ ўз ёқасини қутқара олмагон. Аввал, сонсиз буржуазларни, ҳисобсиз мансабдорларни, ниҳоятсиз мулла ва камбағалларни нақшин ўриндан, иссиқтўшакиндан тортиб олиб, йилларча азоб ва қайғу зиндониға тиқиб қўюб, охири қабристон тарафиға жўнатиб юборған.
Хулоса: ришват хасталиғининг одамизодға еткурган зарари шунча кўбдирки, агар фақир
халқ синфининг кўз ёшлари сиёҳ. бўлса, болшевиклар оқчасининг барчаси коғоз бўлса, жумла бесоқол болаларнинг кирпиклари қалам бўлса ва ер юзиндаги ҳамма мусулмон. иштирокиюнлари котиб бўлса-лар, анинг зарариндан милиюндан бир ҳиссасини шўролар. ҳукумати тамом бўлғунча ёзиб битуролмаслар.
Мундан бир йил илгари бизнинг Туркистонда ришват хасталиғи унча кўб тарқалмағон эди.
Аммо 1918нчи йилнинг бошиндан эътиборан бу хасталиқ бизнинг халқ орасиға кундан-кун
кўпайиб, халқимизни темур уйлар тарафиға жўнатмоқдадир. Агар бу хасталиққа қарши
ҳукуматимизнинг ҳаракати ила ҳозиқ табиблар тарафиндан муолажа қилинмаса, озгина бир замонда бутун Туркистонимизнинг наҳанг комига кетиши ёки «Лут қавми»дек ер ютиши ва ё
Худонинг ғазаби ила Нўҳ тўфонидек муқаддас Ватанимизни сув ютиши шубҳасиздир. Ҳавойи телеғром воситасила Бухородан олдиғимиз бир хабарға кўра, анда амирнинг «Луқмони ҳаким» замониндан қолған бир ҳозиқ табиби ришват хасталиғиға муолажа этмак тариқасини кашф этиб, ушбу хусусда «Кайф-сафо» исминда юз жилддан иборат катта бир асар таълиф этган. «Маликул-тиббон» лақаби ила шуҳрат чиқарғон мазкур табиб ўз китобининг
99нчи жилдинда «Айш-ишрат» фаслинда ришват хасталиғи тўғрисинда ушбу мазмунда маълумот берибдур: «Ришват» хасталиғи Бухорода ҳукм сурмоқда бўлғон «ришта» хасталиқиға лафзан ўхшаса ҳам, лекин бу икки турли хасталиқ орасинда хейли маънавий тафовут бордир.
Чунончи, ришват хасталиқиға мубтало бўлған кишининг қорни кундан-кун шишиб, юзи қизариб, аммо мияси кундан-кун озаядур. Ришта хасталиқиға йўлиққан кишининг эса, билъакс, юзи кўкнорилар юзидек сарғайиб, ўзи кундан кун ариқланур, кучсизланадур… Хўрак ва иштаҳага келганда, ришват хасталиқиға гирифтор бўлғон кишининг иштаҳаси товуқ кабоби билан конякни карнайдек тортадир. Аммо ришта чиқарғон одам мошоба билан
аталани ҳам ичолмай, зўраки рўза тутғон кишилардек асабий мижоз ва урушқоқ бўладир.
Ришват хасталиқиға мубтало бўлғон кишининг муолажаси ушбудир: андай одамни дарҳол «собачний яшик», яъни ит уясиға тиқиб, ҳар кун анга бир парча қора нон билан бир пиёла сувдан бошқа нарса бермаслик керак. Шул равишда олти ойдан уч йилғача тарбия қилинғонда (агар Худо шифо берса) тез кунда соғайиб кетар».
«Таёқ»: мазкур табибнинг юқоридаги баёнатиға қарағонда, бизнинг таъминот комиссияси. ҳам ришват хасталиқиға мубтало бўлғонға ўхшайдир.
Ботурбек
«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 22 ноябрь
P.S. Ришват -пора.